ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан Ўзбекистон ва Қатар ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали хабар бермоқда.
Битим 2021 йил 9 июнда Тошкент шаҳрида собиқ ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов ва Қатар бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Соний ўртасида имзоланган эди.
Битим ҳаво қатновини ташкил этиш, авиакорхоналарни тайинлаш, уларга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, белгиланадиган манзилларни аниқлаш, сертификат ва лицензияларни тан олиш, икки давлатда тайинланган авиакорхоналарнинг ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш каби масалаларни назарда тутади.
Шунингдек, унда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаро асосда тақдим этилиши ўрин олган.
Транспорт вазирлиги битимни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.