Ўттиз йил ўтиб тикланаётган Тошкент-Душанбе поезд қатнови ҳақида маълумот берилди

Поезд Сариосиё, Қарши, Самарқанд ва Жиззах орқали ҳаракатланади. Йўловчилар 21 соат ичида ўз манзилларига етиб олишлари мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. 20 июнь кунидан бошлаб 1990 йиллар бошида тўхтатилган Душанбе – Тошкент йўналиши бўйича йўловчи поездининг ҳаракати қайта тикланади.
“Дунё” ААнинг “Ховар” нашри маълумотларига таяниб хабар беришича, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги йўловчи поезди ҳафтасига бир марта қатнайди. Поезд Сариосиё, Қумқўрғон, Дарбанд, Деҳқонобод, Қарши, Самарқанд, Жиззах, Гулистон орқали ҳаракатланади.
Душанбедан Тошкентгача бўлган масофа 916 километрни ташкил қилади. Йўловчилар 21 соат ичида ўз манзилларига етиб олишлари мумкин. Таркибни Тожикистон темир йўлчилари назорат қилиб боради.
Поезд 10 та вагондан иборат бўлиши кутилмоқда: 1 та ётоқ вагони, 4 та купе, вагон-ресторан ва 4 та плацкарт вагон.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент-Душанбе йўналишида йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилиши Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида маълум қилинган эди.