ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Ўзбекистонда энди ер майдонларининг ҳақиқий баҳоси аукционда аниқланади. Бу президент Шавкат Мирзиёев раислиги остида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда ой якуни билан 25 мингта ер участкаларини сервис ва савдо объектлари учун аукционга чиқариш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Таъкидланишича, Олтиариқ тумани сўнгги икки ойда 1,6 мингта ер участкасини аукционга чиқарган. Бунинг учун туман ишчи гуруҳи тадбиркорлар билан учрашиб, улар учун мақбул бўш ер участкаларини ажратиб олган. Хусусий лойиҳа ташкилотларини жалб қилиб, топографик хариталарни ишлаб чиққан. Аукционга чиқариш учун 15 та идора билан 7—10 кунда келишилган.
Давлат раҳбари бу тажрибани барча туман ва шаҳарларда жорий қилиш кераклигини таъкидлаган.
Энди:
ерларни аукционга чиқариш жараёнлари ижарада 48 кундан 15 кунга, мулк ҳуқуқида 74 кундан 20 кунга қисқартирилади;
ер майдонларини баҳолаш экспертизадан ўтказилмайди, ҳақиқий баҳоси аукционда аниқланади;
2023 йил 1 январдан бошлаб ерларни аукционга чиқаришда кадастр идораларида бор маълумотларни бошқа идоралар билан келишиш тартиби бекор қилинади.
Бунда жавобгарлик кадастрга маълумот тақдим этмаган идора раҳбарига юкланади.
Аввалроқ энди ер участкасини онлайн хусусийлаштириш мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди.