Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украина ҳарбийлари техникани ташлаб Святогорскдан қочиб кетишди

Россия Мудофаа вазирлиги: украиналик миллатчилар отряди Северский Донецк дарёси устидаги кўприкни портлатиб юборди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн - Sputnik. Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенковнинг маълум қилишича, тўсиқ бўлинмалари вазифасини бажарувчи украиналик миллатчи тузилмалар Украина қуролли кучларининг Святогорскдан чекинишига йўл қўймаслик учун Северский Донецк дарёси устидаги кўприкни портлатиб юборган.
“Россия бўлинмаларининг ҳужуми остида Украина Қуролли Кучларининг 95-ҳаво-десант-зарба бригадаси ва 81-алоҳида аэромобил бригадаси батальонларининг қолдиқлари қурол-яроғ билан бирга ҳарбий техникани ташлаб, қирғоқ бўйлаб тарқалиб кетди”, деди генерал.
Унга кўра, саксон нафаргача украиналик ҳарбийлар дарёдан сузиб ўтган, Россия ва ДХР ҳарбийлари уларга атайлаб ўт очмаган.
“Биз украиналик ҳарбий хизматчиларнинг миллатчилар бошчилигидаги Киев режимини ҳимоя қилишдан бош тортишини қўрқоқлик эмас, ягона тўғри қарор деб биламиз”, - деб таъкидлади Конашенков.
Шунингдек, у Украинанинг барча ҳарбийлари ва ҳудудий мудофаа бўлинмалари аъзоларини ушбу ўрнак олишга ва “жонларини сақлаб қолиш учун ўйламай қаршилик кўрсатишни” тўхтатишга чақирди. Россия Қуролли кучлари, ўз навбатида, ихтиёрий равишда қуролини ташлаганларнинг барчасига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва оилалари бағрига қайтишни кафолатлайди, дея қўшимча қилди Мудофаа вазирлиги вакили.
Конашенков айтишига кўра, рус армияси Святогорск ва унинг атрофидаги ҳудудларни озод қилишнинг якуний босқичига ўтган.
Святогорск (2003 йилгача Славяногорск) Донетск Халқ Республикасининг шимолий қисмида, Россия ҳарбийлари назорати остидаги Харков вилояти Изюм шаҳри жануби-шарқий йўналишида 40 километр масофада жойлашган.
Россия махсус операцияси

Россия 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операция бошлаган эди. Владимир Путин ушбу операция мақсади "ДХР ва ЛХР фуқароларини Киев режими томонидан саккиз йил давомида амалга оширилаётган таҳқирланиш ва геноциддан қутқариш ва ҳимоя қилиш" деб атаган. Операция мақсади - “Украинани демилитаризация ва денацификация” қилиш.