ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Самарқанд давлат университети (СамДУ) ва Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети ўртасида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Университет ахборот хизмати хабар қилди.
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети ректори Игор Максимцев бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Учрашув давомида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, иқтисодиёт ва бизнес, рақамли технологиялар каби йўналишларда илмий алоқаларни янада яхшилаш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.
“Имзоланган меморандумда биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ва ҳамкорлик истиқболлари кўзда тутилган”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Санкт-Петербург давлат университети Россияда ташкил этилган биринчи университет ҳисобланади. Бугунги кунда таълим даргоҳи 500 дан ортиқ давлатлар, жумладан Ўзбекистондаги Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат техника университети, Фарғона давлат университети ва Бухоро давлат тиббиёт институти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.