Мўйноқдаги қишлоқ мактабига тоза ичимлик суви келди

Тахиатош туманидаги 8 ва 15-сонли умумтаълим мактабларига ҳам тоза ичимлик сувини олиб келиш кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Мўйноқ туманидаги 7-мактаб ва Тик ўзак овулидаги хонадонларга тоза ичимлик суви келди. Бу ҳақда “Дунё”АА хабар берди.
Оролбўйи ҳудудида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилди. Унга кўра, мактабнинг 300 нафардан ортиқ ўқувчи ва ходимлари, шунингек, Тик ўзак овулидаги 229 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.
“Чет эллик муҳандислар ва Оролбўйи халқаро инновация маркази вакиллари ушбу ҳудудда сув тозалаш ускуналарини аҳоли яшаш пунктига ўрнатиб, синовдан ўтказишди. 20 май куни барча монтаж ишлари якунланиб, қурилма расман ишга туширилди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда Қорақалпоқ давлат университети талабалари насос ва сув тозалаш ускуналарини ўрнатиш, ишлатиш ва техник хизмат кўрсатишни ўрганмоқда.
Айтилишича, айни кунларда Будапешт Корвинус университети ва Швейцариянинг "LATMA-ADED" нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари томонидан Тахиатош туманидаги 8 ва 15-сонли умумтаълим мактаблари учун ҳам шу каби сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.