Ғалла етиштирувчилардан ортиқча дон талаб қилиш тақиқланади - Бош прокуратура

Ўрим мавсуми бошидан буён 170 минг тоннадан ортиқ ғалла дон корхоналарига топширилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ўзбекистонда ғалла етиштирувчилардан режадан ташқари дон талаб қилиш тақиқланади. Ушбу жараён прокуратура ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Муродилла Абдуҳакимов маълум қилди.
“Ғалла етиштирувчилардан режадан ташқари ортиқча умуман дон талаб қилинишига тўлиқ чек қўйилиб, ушбу жараён прокуратура ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинди”, - дея таъкидлади Абдуҳакимов.
Унга кўра, ўрим мавсуми бошидан буён 170 минг тоннадан ортиқ ғалла дон корхоналарига топширилган. Ғалланинг бир килограмми дастлабки нарх сифатида 3 минг сўмдан қабул қилинмоқда. Келгусида биржа нархларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу нархга яна қўшимча ҳақ тўлаб берилади.
Ҳозирга қадар, ғалла етиштирувчиларга 146 млрд сўмлик маблағ тўлаб берилган.
Бундан ташқари, ўтган йиллардан қолган дон қолдиғи тўлиқ хатловдан ўтказилиб, иккита дон корхонасида аниқланган камомад бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.
Аввалроқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ғалла ўрим-йиғим ишлари бошлангани ҳақида хабар берган эди.
Маълумот учун, бу йил республикада 1 млн 32 минг гектар суғориладиган майдонларда бошоқли дон экилди. Ушбу майдонлардан 7,8 млн тонна ёки ўтган йилга нисбатан қўшимча 1,1 млн тонна кўп дон ҳосилини етиштириш кутилмоқда.