ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Сергей Лесков. Россия халқлар уйи Мариуполдан бўлган болалар ҳамда Москвада яшаётган турли миллатга мансуб уларнинг тенгдошлари учун махсус маданий дастурни ташкил қилди.
Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси мажмуаси (ВДНХ) болажонлар борган биринчи жой бўлди. У ерда улар Халқлар дўстлиги фаввораси олдида клип суратга олишди. Суриялик тенгдошлари учун турли тилларда: молдованча, арманча, қозоқча, украинча, русча сўзлаб, видео мурожаат ёзишди. Кейин эса “Космонавтика ва авиация" павильонига экскурсия уюштиришди.
СССР Қаҳрамони, Россия Қаҳрамони, машҳур учувчи фазогир Сергей Крикалёв болаларга Ердан узоқда, самода бўлиш қандай эканини сўзлаб берди. Музей бўйлаб экскурсия ва болалар билан мулоқотдан сўнг у уларга “кўп орзу қилишни, ҳеч қачон таслим бўлмасликни ва ҳаётда фақат олға боришларини” тилади.
Орзулар ушалади
12 ёшли Вика Константинова акцияда қатнашаётган саккиз мариуполлик болалардан бири. У Россия пойтахти қолдирган таассуротни сўзлаб беришга тил ожизлигини айтади.
“Мен анчадан буён Қизил майдонга боришни орзу қилардим. Уни фақат телевизор орқали кўрганман. Мен у бу қадар чиройлиги ва бу ерда мунча кўп одам бўлишини кутмагандим”, - деди у Sputnik билан суҳбатда.
Викага Москвага экскурсия давомида унинг онаси ҳамроҳлик қилган. Улар Мариуполдан Россияга имконият пайдо бўлиши биланоқ бир неча ҳафта олдин келишган. Подмосковьедаги санаторийда яшашади.
“Биз жуда хурсандмиз. Биз Мариуполдан урушдан, вайронагарчиликдан кетдик. Россияда бизни жуда яхши кутиб олишди. Ҳеч нарсага муҳтожлигимиз йўқ. Жуда миннатдормиз”, - дейди Анна Константинова.
Энг яхши совға – бу китоб
Маданий дастурнинг энг қизиқ жойи Қизил майдондаги китоб фестивали бўлди. У ерда таниқлик россиялик ёзувчи Олег Рой болалар билан дилдан суҳбатлашди. У ёш томошабинларга унинг асарлари асосида суратга олинган мультфильмни кўрсатди. Олег Рой бугун Донбассда ўз бурчини адо этаётган россиялик ҳарбийларга миннатдорчилик билдирди: “Аскарларимизга ташаккур, уларга ишонамиз ва уларнинг ғалаба билан қайтишларини кутяпмиз!”
Россия Давлат думаси депутати Бийсултан Хамзаев ҳам болалар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилиб нутқ сўзлади.
“Бу учрашув Москвадаги Қизил майдонда бўлиб ўтаётгани размий маънога эга. Мамлакатнинг қоқ марказида. Россия ёрдамга муҳтожларни ҳамиша ҳимоя қилиб келган ва ёрдам берган”, - деди депутат.
Тадбир якунида эса ёзувчи Олег Рой болаларни яна бир бор байрам билан қутлаб, уларга китоб совға қилди.