Россия ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл қатнови: “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот берди

“Ўзбекистон темир йўллари” Россия ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл қатновлари қайта тикланиши юзасидан ахборот берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Россия ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл алоқасининг қайта тикланиши юзасидан ахборот берди.
Унда айтилишича, 3 июн куни Россиянинг коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича оператив штабнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда йиғилиш кун тартибида Россия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида халқаро йўловчи поездлари ҳаракатини мунтазам равишда тиклаш масаласи кўриб чиқилди.
Муҳокама натижаларига кўра, оператив штабнинг аъзолари томонидан 14 июндан бошлаб темир йўл транспорти орқали келган хорижий фуқароларга эпидемиологик чекловларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг ахборотига кўра, айни пайтда, икки давлат темир йўл маъмуриятлари томонидан бу масала ишлаб чиқилмоқда:
ташув жараёнини ташкил этиш,
йўловчи поездларининг ҳаракатланиш жадвалини ишлаб чиқиш,
йўналишларини белгилаш, йўл киранинг нарх сиёсати ва бошқа қатор зарур бўлган масалалар ишлаб чиқилмоқда.
“Россияга темир йўл транспорти ҳаракатини тайинлаш тўғрисидаги хабар ва барча масалалар ишлаб чиқилгандан сўнг дарҳол эълон қилинади”, - дейилган хабарда.