ЮMoney Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмаларини йўлга қўйди

Энди ЮMoney ҳамёни эгалари Ўзбекистонга пул жўнатишлари мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. ЮMoney электрон тўловлар хизмати Россиядан Ўзбекистон карталарига халқаро пул ўтказмаларини йўлга қўйди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Таъкидланишича, ЮMoney ҳамёни эгалари Ўзбекистонга Uzcard ва Humocard тўлов карталарига пул жўнатишлари мумкин. ЮMoney Ўзбекистон билан бирга Қозоғистонга ҳам пул ўтказмаларини йўлга қўйган.
Пулларни ЮMoney ҳамёнидаги маблағдан фақат Россия рублида жўнатиш мумкин.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин инқирозли вазиятга қарамасдан, меҳнат мигрантларининг ўз мамлакатларига пул ўтказмалари барқарорлигича қолаётганини маълум қилган эди.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, мамлакатга шу йил январь-апрель ойларида хориждан 2,54 млрд доллар пул жўнатилган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга (548 млн долларга) кўпроқдир. Қайд этиш жоизки, ўзбекистонлик мигрантларнинг аксарияти Россияда ишлайди.