ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Умумтаълим мактабларга бириктирилган микроҳудуд бўйича қабул жараёнлари 20 июндан бошланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, микроҳудуд бўйича қабул жараёнлари 31 июлга қадар давом этади.
Умумтаълим мактабларининг бўш ўринларига микроҳудуддан ташқари қўшимча қабул жараёнлари эса 1-15 август кунлари амалга оширилади.
“Ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда амалга оширилади”, - дейилади хабарда.
Қолган ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)ларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади.
Маълумот учун, умумтаълим мактабларининг 1-синфига болалар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Янги ўқув йилида 2015 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар 1-синфда ўқишни бошлашлари мумкин.