Ўзбекистон биржасида биринчи марта ун бўйича очиқ савдо бўлиб ўтди

Биринчи куни “Ўздонмаҳсулот” корхоналари 10 минг тонна 1-навли унни савдога қўйган ва шундан 83 фоизи сотилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. 1 июнь куни Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида ун маҳсулоти бўйича дастлабки очиқ биржа савдолари ўтказилди.
Биржа хабарига кўра, “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан бугунги биржа савдоларига 10,0 минг тонна 1-навли ун қўйилган ва улардан 8,3 минг тоннаси, яъни 83 фоизи сотилган.
Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ уннинг ҳажми қарийб 1,7 минг тоннани ташкил этган. Яъни биржанинг ун бозорида таклиф етарли даражада бўлган.
Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4,5 млн сўмни ташкил қилди.
Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархига (4,2 млн сўм) нисбатан 6 фоизга ўсди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси “буханка” нон нархи ошганига муносабат билдирди
Ун бўйича ўтказилган биржа савдоларида жами 2 822 харидор иштирок этган бўлиб, улардан 56 таси Тошкентда нон ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Бу корхоналар биржада жами 874 тонна 1-навли ун сотиб олган.
Эслатиб ўтамиз, 1 июндан давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олишни бошлади.