Экология қўмитаси сомон пояси қолдиқларини ёқмасликка чақирди

Сомон поялари ва уларнинг қолдиқларини ёққанларга БҲМнинг 10 баробаригача - 3 млн сўм миқдорда маъмурий жарима қўлланилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 июнь — Sputnik. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ғалла ўрим йиғими мавсуми бошланиши муносабати Ўзбекистон аҳолиси, фермер хўжаликлари ва ташкилот раҳбарларини далаларда сомон поя қолдиқларини ёқмасликка чақирди.
Қўмита барча хўжалик ҳудудларида етиштирилган бошоқли дон маҳсулотлари ўриб, йиғиб олингандан сўнг, далаларда сомон поя қолдиқларини йиғиштириб олиш ва ушбу ҳудудларда ёнғин содир бўлиши каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўришни сўради.
“Сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёқилган ҳудудларда ер унумдорлигининг кескин пасайиши, тупроқ структурасининг бузилиши ҳамда ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микро элементларнинг йўқ бўлиб кетиши оқибатида экин ерларининг балл бонитети кескин пасайишига олиб келади”, дейилади хабарда.
Қўмита сомон поялари ва уларнинг қолдиқларининг ёқилиш ҳолатига йўл қўйган ҳуқуқбузарларга ва ер эгаларига нисбатан МЖтКнинг 88-моддаси 3-қисми билан БҲМнинг 10 баробаригача (3 млн сўм) бўлган миқдорда маъмурий жарималар қўлланилиши ҳақида огоҳлантирди.
Ёнғин содир бўлган ғалла экин майдонларнинг ҳар бир гектарига етказилган зарар бўйича амалдаги тартиб асосида иқтисодий чоралар белгиланади.
Маълумот учун, сомон поя қолдиқлари ёниши натижасида атмосфера ҳавосига углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, олтингугурт оксиди каби инсон соғлиги учун зарарли бўлган заҳарли моддалар ажралиб чиқади.