ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Европа Иттифоқининг Россия нефтига қисман тақиқ жорий этиши бутун дунё энергетика бозорига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Бу санкциялар, албатта, бутун қитъа учун, европаликлар учун ҳам, биз учун ҳам, бутун дунё энергетика бозори учун ҳам салбий таъсир қилади”, - деди Кремль вакили.
Песков Россия учун Европа йўналиши етказиб бериш нуқтаи назаридан, жумладан, сотиш ҳажми бўйича муҳим эканини таъкидлади. Аммо ҳозир, унинг сўзларига кўра, Москва янги чеклов оқибатларини камайтириш учун чоралар кўрмоқда.
Шу билан бирга у Европанинг ўзи ўз қарорларининг салбий оқибатларидан “озод эмаслигини” яна бир бор такрорлади.
“Улар (европаликлар – таҳр.) буларнинг барини бошдан кечиришлари керак бўлади”, - дея огоҳлантирди Песков.
ЕИ мамлакатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари куни кеча Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи тўпламини келишиб олишди. У, жумладан, Россия нефти импортига қисман тақиқ қўйишни ўз ичига олади.