ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. 1 июндан Тошкент шаҳри дўконларида қолипли нон (буханка) нархи 1400−1600 сўмдан 2800 сўмгача қимматлашгани маълум бўлди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) бу ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш олиб борди.
Аниқланишича, "буханка" нон нархи Тошкент шаҳрида энг юқори — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўмни ташкил этмоқда.
Агентлик хабарига кўра, ун маҳсулоти 2022 йил июнь ойидан бошлаб биржа савдоларига етарли миқдорда қўйилмоқда ва бу жараён устидан доимий назорат ўрнатилган. Республикада ун маҳсулоти захираси шакллантирилган бўлиб, нарх-наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда ун савдоларга қўйиб борилади.
Хусусан, июнь ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши, бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. 1 июнь ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойигача ун ишлаб чиқариш учун корхоналарда зарур дон қолдиғи мавжуд.
“Нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан бу борада хавотирга тушмасликларини, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликларини сўраб қоламиз”, - дейилган хабарда.
Қўмита бозорда сунъий танқислик юзага келиши ва нархларнинг кескин ошиб кетиш ҳолатлари кузатганда, ишонч телефонига (71-207-47-00), Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги Call-марказига (1159 қисқа рақам) ёки қўмитанинг матбуот хизматига (71-207-47-00 (ички 224) мурожаат қилиш мумкинлигини эслатган.