ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Адлия вазирлиги Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳада тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнлар назарда тутилган.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳалари ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирмоқда.
Кодекс қабул қилинса якка тартибдаги тадбиркорларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилади. Бунда шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турлари белгиланади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилиб, “хўжалик ширкати” ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда.
3 та давлат органининг 146 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари илова сифатида тасдиқланмоқда. Бунда рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилади.
Ҳужжатда давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўллаш назарда тутилган.
Бунда:
-молиявий санкциялар суд томонидан қўлланилади (бундан солиққа тортиш ва банк соҳаларидаги санкциялар мустасно);
-бир хил турдаги ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субектига молиявий санкция ва унинг мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳолларда, фақат молиявий санкция қўлланилади;
-биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субектлари ушбу қонунбузилишни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажарган, шунингдек, етказилган зарарни қоплаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди;
-барча талабларни ўз ичига олган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда тадбиркорлик субектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш ва ошкор этиш назарда тутилмоқда. Бунда Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланмоқда;
-қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади (енгиллаштирувчи нормалардан ташқари).
Шунингдек, ҳужжатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидияларини жорий этишнинг тартиби ҳам назарда тутилган.
Муҳокама 14 июнга қадар давом этади.