Паррандачилик хўжаликларига кредит ажратилади

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси орқали кредит гаровининг 50 фоизига кафиллик берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. 1 июндан бошлаб паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм “револьвер” кредит ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кун сайин кучаяётгани таъкидланди. Жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть 47 фоизга ошди. Бу мамлакатдаги нарх-навога ҳам таъсир кўрсатаяпти.
Шу боис йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, жумладан, паррандачилик ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидланишича, арзон, тўйимли ва тез етиштириладиган маҳсулотлар бу парранда гўшти ва тухумдир. Лекин, кўп вилоятларда парранда гўшти аҳоли талабига яраша етиштирилмаяпти. Бу йўналишдаги 50 дан зиёд йирик корхона ярим қувватда ишламоқда. Уларни озуқа, жумладан, буғдой билан таъминлашда қийинчиликлар мавжуд.
Бу масалани ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, 1 июндан бошлаб паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм “револьвер” кредит ажратилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси орқали кредит гаровининг 50 фоизига кафиллик берилади ва 17 фоизидан ошган қисми компенсация қилинади.
Шунингдек, паррандачилик хўжаликларига айланма маблағ учун бериладиган кредит муддатини узайтириш таклифи билдирилди.
Парранда маҳсулотлари бозорини таҳлил қилиш ва лойиҳаларни тўғри жойлаштириш, ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Парранда гўшти ишлаб чиқарувчиларига қўшимча субсидия берилади
Йиғилишда хонаки товуқларни кооперация асосида боқиш тажрибасини кенгайтириб, паррандачилик хўжаликларини муайян маҳаллаларга бириктириш, аҳолига паррандачилик бўйича ўқувлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Бундай хўжаликларга ҳар бир маҳалла учун оилавий тадбиркорлик дастурлари асосида 200 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар ажратилади. Улар бу маблағ ҳисобидан аҳолини жўжалар ва озуқа билан таъминлайди.