Биринчи июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилади – тафсилотлар

1 июлдан электр ва газ нархини ижтимоий норма асосида ошириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, электр энергияси, газни белгиланган нормадан кўпроқ ишлатганлар кўпроқ пул тўлашларига тўғри келади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб республика бўйича нархлар ижтимоий норма асосида белгиланади, яъни белгиланган миқдордан кўпроқ ишлатилган газ ва электр учун икки ва ундан кўпроқ миқдорда тўлов амалга оширилади.
Ижтимоий норма миқдорини қуйидаги белгилаш таклиф қилинмоқда:
электр энергияси - 250 кВт.соатгача;
газ - (апрель-сентябрь ойлари учун) - 200 куб метргача;
газ (октябрь-март ойлари учун) - 700 куб метргача;

Электр энергияси

Аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача — 325 сўм (ҳозир 295 сўм), бундан юқори ҳар 1 кВт соат учун — 650 сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Мисол учун, таклиф этилаётган табақалаштирилган нархларда 250 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгачани, 300 кВт соатгача ишлатадиган абонентлар учун 25 минг сўмгачани ва 400 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса 61 минг сўмгачани ташкил этади.
Шунингдек, 1 кВт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 800 сўм, бошқа юридик шахслар учун — 600 сўм этиб белгиланади.

Табиий газ

Аҳоли учун 1 куб метр табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача — 410 сўм (ҳозир 380 сўм), бундан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача — 410 сўм, ундан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1 200 сўм этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Масалан иситиш мавсумида 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача, 1000 куб метргача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади.
Шунингдек, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача, 300 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгачани ташкил қилади.
1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1 200 сўм, ИЭСлар учун — 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун — 1 150 сўм бўлади.
Суюлтирилган газ эса аҳоли учун — 1600 сўм миқдорида (ҳозир 1120 сўм) белгиланмоқда. Бунда, 1 абонентга бир ойда ўртача 20 кг суюлтирилган газ етказиб берилишини ҳисобга олсак, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ корхоналари суюлтирилган газни туман ҳокимликлари билан биргаликда тасдиқланган графикларга мувофиқ аҳолига кунма — кун етказиб беришни таъминлайди.
2023 йилдан белгиланадиган нархлар
Лойиҳада, шунингдек, корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун "перспектив мўлжал"ни кўрсатиш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилади:
Электр энергияси бўйича:
Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нарх сақлаб қолинади;
қолган юридик шахслар учун — 700 сўм.
Табиий газ бўйича:
иссиқлик электр станциялари учун — 1 200 сўм;
Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1 350 сўм;
автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1 400 сўм;
қолган юридик шахслар учун — 1 350 сўм этиб белгилаш.
2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади, 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.
Фуқаролар 15 июнгача лойиҳа юзасидан ўз фикрларини билдиришлари мумкин.

Ижтимоий норма киритишга оид асослар

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, охирги беш йилда аҳолига етказиб берилган электр энергияси 11 млрд кВт.соатдан 16 млрд кВт.соатгача (1,5 баробарга кўп), табиий газ ҳажми эса 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга (1,3 баробарга кўп) ошмоқда.
Энергия таъминотидаги узилишлар (2021 йилда ҳақиқий талабга нисбатан 2-3 млрд кВт.соат электр энергияси етказиб берилмаган), кўрсатиладиган хизматлар сифатининг пастлиги, соҳа корхоналарининг молиявий ҳолати барқарор эмаслиги сабабли юзага келаётган энергия ресурсларига бўлган қўшимча талабни таъминлаш учун янги қувватларини барпо этиш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш учун энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилишни талаб этмоқда.
“Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий мезон қилиб олинди. Халқаро тажриба асосида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш учун “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилиши белгиланмоқда”, - дейилган хабарда.
Республикада электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилади.
Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.
Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи, яъни 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.
Таъкидланишича, Юқоридаги кўрсаткичлар энергоресурсларни истеъмол қилишнинг йил давомида ўртача ойлик даражасини ифодалаганлиги сабабли, ўртача ойлик истеъмолнинг аниқ миқдорларини аниқлаш мақсадида Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги абонентларда танланма ўрганиш ўтказилди.
Мисол учун, ўрганиш натижаларига кўра ушбу ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 86 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 65 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 57 фоиз абонентлар ойига ўртача 250 кВт.соатгача электр энергияси истеъмол қилган.
Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи
78 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 77 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 44 фоиз абонентлар ойига ўртача 250 кВт.соатгача электр энергияси истеъмол қилган.
Шунингдек, юқоридаги ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 99 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 86 фоиз абонентлар ойига ўртача 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.
Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 93 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 64 фоиз абонентлар ойига ўртача 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.
Аввалроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ва Энергетика вазирликлари мамлакат энергетика соҳаси ислоҳ қилинишини маълум қилишгани хабар қилинган эди. Унда кўра, мамлакат бўйлаб газ ва электр энергия учун ижтимоий норма жорий этилиши айтилган эди.