ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Кеча Душанбе шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Тожикистон Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси, Тошкентда эса икки давлат тадбиркорларининг “В2В” шаклидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода иштирок этган учрашувда, Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак расмий ташрифи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ушбу ташриф кун тартибини аниқ амалий мазмун билан тўлдириш, режалаштирилган барча тадбирларни юқори савияда амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, - дейилган хабарда.
Шунингдек, учрашув давомида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Тожикистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Кейинги 5 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробардан ошди. Жорий йилнинг ўтган даврида 35 фоизга ошиб, 180 миллион доллардан зиёдни ташкил этди.
Давлат раҳбарлари томонидан Ҳукуматлар олдига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун барча имкониятлар, фойдаланилмаган улкан захиралар мавжуд.
Учрашув якунида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Тожикистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 9-мажлиси баёни имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Тошкентда Ўзбекистон-Тожикистон ишбилармонлар Кенгашининг 5-йиғилиши ва икки давлат тадбиркорларининг “В2В” шаклидаги музокаралари бўлиб ўтди. “В2В” шаклидаги музокараларда Ўзбекистон ишбилармон доираларининг 400 дан ортиқ ва Тожикистоннинг 150 га яқин вакили иштирок этган эди.