ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартиби янгиланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаминот” ҳабар берди.
“Ҳудудгазтаминот” қарийб тўрт мингта истеъмолчи мурожаатини ўрганиб чиққан. Уларнинг 40 фоизи иккинчи газ баллон олиш масаласи билан боғлиқ.
Айтилишича, истеъмолчилар орасида аҳоли учун имтиёзли нархда ажратилган суюлтирилган газни олиб қайта сотиш, маиший газ баллонларидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Шу сабабли, сўнгги вақтда инсон ҳаётига ва соғлиғига хавф солувчи 20 дан ортиқ турли хил бахтсиз ҳодисалар рўй бериши кузатилган.
“Янги тартибга кўра оила аъзолари кўп бўлган ва рўйхатдан ўтган уй хўжаликлари энди белгиланган муддатда ўз ID-карта орқали икки маротаба газ олишлари мумкин бўлади”, - дейилади хабарда.
Эндиликда мутахассислар қўшимча газ баллони олиш билан боғлиқ ҳар бир мурожаатни жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқади.
Бундан ташқари, янги истеъмолчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам янгиланди.
Бунда хонадонда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, ошхона ва газ жиҳозлари белгиланган талаб ва стандарларга мос келишига алоҳида эътибор қаратилди.
Газ баллонни ишга тушириш ва созлаш хизмати учун тўлов амалга оширилгандан сўнг, ўрнатилган тартибда шартнома тузилади ҳамда тасдиқланган жадвал асосида манзилга суюлтирилган газ етказиб берилади.