ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Uzcard президент Шавкат Мирзиёевнинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бир марталик ёрдам пули бериш тўғрисидаги қарори эълон қилинганидан сўнг фирибгарлар фаоллашганидан огоҳлантирди.
Қайд этилишича, фирибгарлар фуқаролардан турли хил ҳаволаларга ўтиб, ўз карталарига бу тўловни олишлари учун SMS-кодни тасдиқлашни таклиф қилишмоқда.
Компания қарорда гап бир марталик ёрдам ҳақида борганини таъкидлаган.
“Тўловлар фуқаролардан қўшимча маълумот талаб қилмасдан, автоматик тарзда амалга оширилади - худди пенсия ва нафақалар одатда тўланадигани каби”, - дейилган хабарда.
Uzcard фойдаланувчиларидан ҳушёр бўлиш ва фақат расмий ахборот манбаларга ишонишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 25 майдаги қарори билан ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули бериш белгиланган.
Шунингдек, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига 200 минг сўмдан тўланади.