ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Беларуснинг касб-ҳунар таълими институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Беларусь Республикасининг касбий таълим институти раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Унда агентлик бошлиғи ўринбосари Х.Файзуллахўжаев, Беларуснинг касбий таълим институти ректори В.Голубовский ва бошқа масъул ходимлар иштирок этди.
Учрашув иштирокчиларига агентлик фаолияти ва мамлакатда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.