Тошкентда ШҲТ давлатлари экология вазирлари йиғилиши бўлиб ўтади

27 май куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учинчи учрашуви бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. 27 май куни Тошкент шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учинчи учрашуви бўлиб ўтади. Учрашув гибрид форматда ўтказилади. Бу ҳақда “Dunyo” ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашувда ташкилот котибияти вакиллари иштирокида ШҲТга аъзо саккиз давлат делегациялари ва экспертлари замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади.
Шунингдек, атроф-муҳит мониторинги, биохилма-хиллик, табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришини юмшатиш, илмий-техник ҳамкорлик, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш ва кадрлар салоҳиятини ошириш каби долзарб йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашади.
Учрашув якунлари бўйича экологик ахборот алмашиш бўйича ШҲТнинг ягона платформасини биргаликда яратиш дастури тасдиқланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви 2019 йил 2 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтган эди.
ШҲТГа аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши эса 2021 йил 29 июлда Душанбе шаҳрида ташкил этилган.
Маълумот учун, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти - минтақавий халқаро ташкилот бўлиб, унинг таркибига Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.
2001 йилда олти мамлакат раҳбарларии Шанхай хамкорлик ташкилотини тузиш ҳақида Декларация имзолашди. Ташкилотнинг мақсади - Марказий Осиёдаги вазиятни барқарорлаштириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек сиёсий, иқтисодий, илмий, гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, деб белгиланди.