ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Бельгия дунёда биринчи бўлиб маймун чечаги билан касалланганлар учун 21 кунлик мажбурий карантин жорий қилди. Бу ҳақда “La Libre Belgique” газетасига таяниб, RT хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, бу қарор Белгия хавф-хатарини баҳолаш гуруҳи йиғилиши якунлари бўйича мамлакатда учта маймун чечаги касаллиги аниқланганидан кейин қабул қилинган.
Энди маймун чечак аниқланган белгиялик 21 кунни изоляцияда ўтказиши керак.
Эслатиб ўтамиз, маймун чечаги вируси жорий йилнинг апрель ва май ойларида Ғарбий Европанинг бир қанча мамлакатларида, шунингдек, бошқа қитъаларда тарқала бошлагани маълум бўлди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, касаллик ҳозиргача 14 та давлатда қайд этилган. 13 майдан 21 майга қадар 92 кишида у аниқланган. Яна 28 киши бу инфекцияни юқтириб олгани гумон қилинмоқда. Ҳозирча бирорта ҳам ҳолат ўлим билан тугамаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳозирга қадар маймун чечаги қайд этилмагани хабар қилинган эди. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг мамлакатга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.