ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Олий Мажлис Сенатининг 26-ялпи мажлиси 28 май куни чақирилади. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:
"Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги,
"Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги,
"Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги,
"Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида"ги қонунлар шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда Сенат Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитади.
Сенаторлар иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистонда бажарилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқишади.
Бундан ташқари, интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинади.