ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Германия ва Италия ҳукумати ўз компанияларига Москвага қарши санкцияларни бузмаган ҳолда Россия газини харид қилиш учун рублда ҳисоб очишлари мумкинлигини маълум қилишди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар бермоқда.
Улар Еврокомиссиядан Россия газини қандай қилиб санкцияларни бузмаган ҳолда сотиб олиш бўйича тушунтиришлар олган ва бу ҳақда компанияларни хабардор қилган.
Нашрнинг аниқлик киритишича, Брюссель Россия газини санкцияларни бузмаган ҳолда сотиб олиш бўйича иккита кўрсатма берган, бироқ ҳуқуқий механизм ноаниқлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 31 март куни Россия президенти Владимир Путин дўст бўлмаган давлатлар билан газ савдоси қоидалари тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Унга кўра, бу каби давлатлар Россия банкларида рублда ҳисоб очиши керак. Агар дўст бўлмаган мамлакатлардан келган харидорлар янги тўлов шартларини бажармаса, амалдаги газ етказиб бериш шартномалари тўхтатилади.
Ҳозирги вақтда Россия истеъмол қилинадиган газнинг қарийб 40 фоизини Европага эетказиб беради ва унинг энг йирик экспортчиси ҳисобланади.