Ўзбекистон ва Россия Афғонистон мавзусида музокаралар ўтказди

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия афғон мавзусида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан бирдай манфаатдор экани таъкидланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 май - Sputnik. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев 20 май куни Москва шаҳрида Россия президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Замир Кабулов билан музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Россиянинг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва бошқа кўмак борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, Афғонистондаги мавжуд вазият, халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатнинг янги ҳокимиятига нисбатан умумий позициясини ишлаб чиқиш, Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш, мамлакатда транспорт ва энергетика соҳасида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ва Россиянинг афғон мавзуси бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиришдан бирдай манфаатдор экани таъкидланди.