ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Ўзбекистон аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионатининг Ғарбий минтақа учрашувларига мезбонлик қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси хабар берди.
Осиё Футбол Конфедерацияси аёллар клублари ўртасидаги турнирга мезбонлик қиладиган давлатларни эълон қилди. Унга кўра, Ғарбий минтақадаги клублар ўртасидаги турнир Ўзбекистон майдонларида ўтказиладиган бўлди.
“Ушбу учрашувлар 20-26 август кунлари бўлиб ўтади ва унда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон ва Иорданиянинг жамоалари иштирок этади”, дейилади хабарда.
Шарқдаги турнирда Таиланд, Тайпей ва Мянма жамоалари ўзаро баҳс олиб боришади.
Икки зона ғолиблари ўртасидаги финал ўйини октябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган.