ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия олимлари булутли информацион технологияларини жорий қилишга келишиб олишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Фанлар академияси Ядро физикаси институтига Бирлашган Ядро тадқиқотлари институти Халқаро давлатлараро ташкилотининг (Дубна) вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.
Учрашувда “Булутли информацион технологиялари”ни жорий қилиш, радиацион биология йўналишида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу тизимни дастлаб Ядро физикаси институтида, сўнгра Фанлар академиясининг бошқа муассасаларида жорий қилишга келишиб олинди.
“Тизим ишга тушганидан сўнг катта ҳажмдаги маълумотларни тез ва ишончли юклаб олиш, жўнатиш ҳамда катта информацион ресурс талаб қилувчи ҳисобларни бажариш имконияти яратилади”, - дейилади хабарда.
Айтилишича, ҳозирги кунда бир гуруҳ ёш олимлар Дубна шаҳридаги Бирлашган Ядро тадқиқотлари институтига 6 ойлик малака ошириш курсларига жўнатилган. Делегация Материалшунослик институти фаолияти билан танишди ва мазкур муассасада ҳам “Булутли информацион технологиялар”ни жорий қилишга келишиб олинди.
Булутли технологиялар (Cloud)
Бу ахборотни сақлаш ва уни қайта ишлаш учун зарур бўлган лицензияли дастурларни, ахборот тизими ва алоқа воситаларини ўз ичига олган виртуал муҳитдир.
У фойдаланувчиларнинг ишини унумли ва хавфсиз тизимда ишлашни таъминлаб беради. Тизимдан дунёнинг ихтиёрий нуқтасида, исталган пайтда фойдаланиш мумкин.