ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Мариуполдаги “Азовсталь” заводида таслим бўлган “Азов” миллатчи бўлинма жангарилари сони 1,7 мингдан ошди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.
“Ўтган сутка давомида <…> 771 нафар “Азов” миллатчи бўлинма жангарилари таслим бўлди. 16 майдан буён жами 1730 жангари, жумладан, 80 ярадор асирга тушди”, - деди у.
Конашенковнинг сўзларига кўра, стационар даволанишга муҳтож ярадорларга Донецк халқ республикасининг Новоазовск касалхонасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
16 май куни Россия Мудофаа вазирлиги “Азовсталь” заводи ҳудудида қуршовда қолган украиналик миллатчилар ва ҳарбийлар асирга туша бошлагани ҳақида хабар берган эди. Биринчи кун 265 нафар жангари, жумладан, 51 нафар оғир ярадор қуролини ташлаб таслим бўлган. 17 май куни эса яна 694 киши асирга тушгани хабар қилинди.
Россия Тергов қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, терговчилар жангариларни Украина режимининг Донбасснинг тинч аҳолисига қарши жиноятлари ҳақидаги жиноий иш суриштируви доирасида сўроқ қилишади.
Эслатиб ўтамиз, Россия Қуролли кучлари ва ДХР мудофаа кучлари Мариуполь шаҳрини 7 март куни қуршаб олишган эди. 21 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу шаҳар тўлиқ озод қилинганини эълон қилди, бироқ “Азовсталь” заводида украиналик миллатчи батальонининг икки мингдан ортиқ жангарилари қолаётганини таъкидлаган эди. Россия президенти Владимир Путин саноат зонасига ҳужумни тўхтатишни, аммо "ҳатто пашша учиб чиқа олмайдиган даражада” тўсиб қўйишни буюрган эди.