ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Тошкентнинг 12 та қадимий дарвозаларидан 2 тасини қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Айтилишича, қадимий дарвозани тиклашда тарих ва археология соҳаларида фаолият юритаётган тажрибали экспертлар ва соҳа мутахассислари жалб қилинган.
Шаҳар ҳокимлигида тегишли давлат ташкилотларининг масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ дарвозаларнинг аниқ тарихий дизайни ва лойиҳа-концепцияларини пухта ишлаб чиқиш мақсадида учрашди. Унда бугунгача бажарилган ишлар кўриб чиқилган.
19 асрга қадар Тошкент шаҳри 12 та дарвозага эга кучли қалъа девори билан ўралган. Ҳар бир дарвоза ўша ҳудуднинг қадимий номи, марказий кўчанинг номланиши ёки қайси йўналишда жойлашганлигига қараб аталган. Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешёғоч, Кўймас, Қўқон, Қашқар ва бошқалар.
Маълумот учун, XVIII асрда Тошкентни босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида унинг атрофи 8−20 метр баландликдаги девор билан ўралган. Деворнинг 12 жойига ўрнатилган дарвозалар тонгда очилиб, шомда ёпилган.
Ҳар бир дарвоза калитида тегишли дарвозанинг номи ва калит ясалган йил ёзилган.
1865 йилда Тошкент Россия империяси томонидан босиб олингач, подшо ҳукуматига тобелик рамзи сифатида 12 та дарвозанинг рамзий олтин калитлари ясалган. Калитлар Санкт-Петербург ҳарбий музейда сақланган. Олтин калитларни Тошкентнинг пичоқчилик маҳалласида яшовчи Абдураҳмон исмли заргар ясаган.
1933 йилда тарихий тўртта рамзий калитлар Ўзбекистонга қайтариб берилган.
Калитларнинг фақат биттаси Ўзбекистон тарихи давлат музейида, қолган 11 таси Ўзбекистон ТИВ миллий банкида сақланмоқда.
1890 йилда Тошкентда янги шаҳар барпо этила бошлангач, тарихий дарвозалари аста-секин бузиб ташланган.
Унинг айрим дарвозаларигина тарихий обида сифатида Фанлар академиясининг Тарих музейида сақланмоқда.
Шейхантурская часть города Ташкента.
© Sputnik / РИА Новости