Бу қизиқ

Томир тортиши қандай касалликнинг аломати бўлиши мумкин?

Шифокор томир тортиши қайси касалликлар аломати бўлиши мумкинлигини айтди.
Sputnik
Шифокор –невролог, тиббиёт фанлари доктори Геннадий Жданов томир тортиши қайси касалликлар аломати бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақида РИА Новости маълум қилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, томир тортиши жинс, ёшдан қатъий назар барчада кузатилиши мумкин. Бироқ 65 ёшдан сўнг у тез-тез содир бўлади.
“Одатда томир тортиши тунда, уйқу вақтида, ундан олдин ёки тонгда, уйғонгандан сўнг содир бўлади. Бир неча сония ва дақиқа давом этиши мумкин. Томир тортишидан кейинги оғриқ ва ноқулайликлар бир неча соат ва кунга давом этиш эҳтимоли бор. Тортишиш тананинг ҳар бир аъзосида бўлиши мумкин. Одатда, оёқ, қўл, қорин олд девори ва қовурға ораси мушакларида кузатилади. Статистикага кўра, 75% томир тортиши тунги вақтда, оёқ соҳасида содир бўлади”,- дейди шифокор.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, томир тортишига қуйидагилар сабаб бўлади:
сувсизланиш;
совуқ қотиш;
шўр овқат истеъмол қилиш;
мушакларнинг ортиқча юклама билан ишлаши;
тананинг узоқ вақт ноқулай ҳолатда туриши;
нотўғри пойабзал кийиш ёки яссиоёқлилик;
витаминлар етишмаслиги;
спиртли ичимликлар;
чекиш;
овқатдан заҳарланиш.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, томир тортиши варикоз, оёқ артериялари атеросклерози, юрак фаолиятининг бузилиши, қалқонсимон без, бўйрак касалликларининг аломати бўлиши мумкин. Шунингдек, семизлик ва инфекцион касалликлар сабаб ҳам томир тортади.
Мутахассис бунда қандай чоралар кўриш борасида ҳам тавсиялар берган. Агар оёқ мушаклари қаттиқ тортилган бўлса, иккала қўл билан оёқ бармоқларини маҳкам ушлаш ва ўзига тортиш керак - бу билан бармоқлар ва мушаклардаги тортишишни йўқотиш мумкин. Шунингдек, тортилган томирни чимчилаб қўйиш ёки массаж қилиш ҳам яхши натижа беради. Тортишиш ўтгандан сўнг, қон айланиши ва такрорланиш хавфини камайтириш учун оёқларни кўтарган ҳолда ётиш лозим.
Томир тортишини олдини олиш учун шифокор ўртача жисмоний фаоллик, иш ва дам олиш режимига риоя қилишни маслаҳат берган. Бундан ташқари, таркибида кальций, магний ва калий бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш, ёғли, аччиқ, жуда ширин ва шўр таомларни истеъмол қилишдан тийилиш лозим. Мунтазам массаж ва қулай поябзал ҳам нохуш ҳолатнинг олдини олади.