Андижонда гилос экспорти бошланди

Ушбу мавсумда ўзбек гилосининг асосий харидорлари Россия ва қўшни Қирғизистон бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида гилос экспорти бошланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 май ҳолатига кўра, Андижон вилоятида жами 195 тонна, қиймати 136 минг долларга тенг гилос экспорт қилинган.
“Ушбу мавсумда Россия ва қўшни Қирғизистон ўзбек гилосининг асосий харидори эканлигини таъкидлаб ўтиш мумкин. Рақамлардан кўриш мумкинки, экспорт қилинаётган ўзбек гилосининг энг катта қисми ушбу икки мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда”, - дейилади хабарда.
Айни дамда Андижон вилоятида рўйхатдан ўтган эскпортёрлар томонидан гилос экспорти операциялари давом этмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2021 йилда 18 та давлатга қиймати 84,8 млн долларга тенг бўлган 60,8 минг тонна гилос экспорт қилган. Шундан 24,7 минг тоннасини Россияга юборган.
Ўтган йили Фарғона вилоятидан энг кўп гилос экспорти амалга оширилган. Фарғона гилосларининг асосий харидори Россия бўлган (23 млн).
Аввалроқ Қашқадарёда қовун пишгани ва тез орада қовун экспорти бошланиши ҳақида хабар берган эдик.