Ўзбекистонлик таэквондочилар илк бор катта таркибда Гран-прида иштирок этади

Саккиз нафар таэквондочи дунёнинг энг сара спортчилари билан рақобат қилишга тайёрланмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси илк бор катта таркибда дунёнинг энг сара таэквондочилари билан рақобат қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, тез орада таэквондо оламида Гран-при сериясига кирувчи нуфузли мусобақалар старт олади.
Бу мавсумдаги мусобақалар 3-5 июнь кунлари Рим, 2-4 сентябрь санасида Париж ва 21-23 октябрда Манчестер шаҳарларида ўтказилади.
“Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси мутасаддилари, мураббийлар штаби пухта тузилган режа асосида йил аввалида халқаро мусобақалар орқали таэквондочиларимизга максимал даражада рейтинг очко ишлаб олиш имкониятини тақдим қилишди”, - дейилади хабарда.
Ўзбекистондан илк бор саккиз нафар таэквондочи турнир иштирокчисига айланади. Гран-при мусобақаларида Улуғбек Рашитов, Нияз Пулатов, Никита Рафалович, Шуҳрат Салаев, Шоҳруҳ Ражабов, Чарос Қаюмова, Феруза Содиқова ва Светлана Осиповалар қатнашишлари мумкин.
Маълумот учун, ушбу турнирларда Олимпиада рейтингида юқори ўринда жойлашган спортчиларгина иштирок этиши мумкин.