ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон раҳбари суҳбат аввалида қозоғистонлик ҳамкасбини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Қозоғистонга тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қайд этилишича, йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Яқинда мамлакатлар ўртасида темир йўлда йўловчи ташиш қайта тикланди.
Куни кеча Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукумат делегациялари ўтказган музокараларнинг амалий натижалари юқори баҳоланди. Қўшма кооперация лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш муҳим экани таъкидланди.
Икки мамлакат етакчилари халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.