Мастларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади

Вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камида 10 ўринли мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Энди мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорда келтирилган.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида камида 10 ўринли мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ 2022 йилда 114 та, 2023–2024 йилларда яна 20 та ана шундай пунктлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, ички ишлар органларига ўз ташаббусига кўра наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш юзасидан ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш ҳуқуқи берилди.

2023 йил 1 январдан:

наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилади;
наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади.
Наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги ишларни электрон тарзда судларга юбориш ва судлар томонидан уларни видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқиш мумкин.
2023 йил 1 январдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ёки психотерапевт лавозимлари жорий этилади. Шунингдек, 2022 йил якунигача наркологик беморларни ихтиёрий ва мажбурий даволаш учун наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин ташкил этилади.