ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Йил якунига қадар биржаларга ўз маҳсулотини олиб чиқадиган маҳаллий тадбиркорлар сони камида 2 бараварга, маҳсулотлар тури эса 5 бараварга оширилади. Президент Шавкат Мирзиёев республика товар-хом ашё биржасида савдоларни кўпайтириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш юзасидаги видеоселектор йиғилишида тегишли топшириқларни берди.
Таъкидланишича, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда биржа савдолари анча фаоллашган. Лекин Сирдарё, Андижон ва Сурхондарёдаги корхоналарнинг биржа савдоларидаги иштироки пастлигича қолмоқда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга маҳаллий маҳсулотларни биржага олиб чиқишни туман даражасига тушириш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
“Мисол учун, 1 июлдан фермер ва кластерлар 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиши йўлга қўйилмоқда. Бу фермерлар учун 2 триллион сўм қўшимча даромад дегани. Лекин, туман ҳокимларида фермер маҳсулотини биржага қандай олиб чиқиши, бу борада кимга мурожаат қилиши, яъни ишни қандай ташкил этиши бўйича аниқ режалар борми? Бу саволга бирорта ҳокимда ижобий жавоб йўқ”, - дейди президент.
Маҳаллий маҳсулотларни биржада кўпайтириш бўйича янги тизим Ўртачирчиқ тумани мисолида тушунтирилди.
Янги тизим бўйича:
- туман ҳокими ғалла етиштирувчи фермер ва кластерлар кесимида буғдойни биржага олиб чиқиш ойма-ой режасини ишлаб чиқади;
- туман ҳокими ва Савдо-саноат палатасининг туман бўлими ушбу фермер ва кластерларни биржада рўйхатдан ўтказишни ташкиллаштиради;
- тадбиркорга қулай бўлиши учун Савдо-саноат палатаси туман бўлимида биржа савдо майдончаси ташкил этилади;
- ушбу савдо майдончасида тадбиркор, фермер ва кластерларга биржа ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмаклашилади;
- улар шу жойнинг ўзида биржа савдоларида иштирок этишга ўқитилади;
- фермерларга буғдойни биржага қўйганда гаров талаб этилмайди.
Биржа савдоси бўйича тадбиркор ва фермерлар учун содда ва лўнда методика ишлаб чиқилади.
Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Бунда фермерга тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлайди.
“Бу янги тизим фермер ва кластерларга мактаб, ҳокимларга эса синов бўлади”, - деди давлат раҳбари
Биржаларда маҳаллий тадбиркорлар сони ва маҳсулотлар тури оширилади
Йиғилишда йил якунига қадар биржаларга ўз маҳсулотини олиб чиқадиган маҳаллий тадбиркорлар сонини камида 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Ҳозирда 45 мингдан зиёд маҳаллий саноат корхоналарининг бор-йўғи 7 фоизи биржага ўз маҳсулотини чиқараётгани танқид қилинди.
Жомбой туманидаги ғишт ишлаб чиқарувчи корхона ўз маҳсулотини биржага олиб чиқиши натижасида 21 миллиард сўмлик даромад олган. Уйчи туманидаги бетон қоришмаси ишлаб чиқарувчи корхона 10 миллиард сўмлик маҳсулотини биржа орқали сотган.
Президент вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан бу тажриба жойларда йўлга қўйилмаганини танқид қилди.
24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашди. Ушбу туманларда шуйилда умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 150 та лойиҳани амалга ошириш режа қилинган.
Лекин, бугунги кунда гипсокартон, қуруқ қурилиш қоришмалари, лак-бўёқ, кафель, мих каби маҳсулотларни биржага қўйиш бўйича чекловлар мавжуд.
Маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш соддалашади
Йиғилишда маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштирилиши белгиланди.
Унга кўра:
1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилади ва маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотни ортиқча ҳужжатларсиз сотиш йўлга қўйилади;
энг яхши сотилган товарлар кейинчалик биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштирилади;
тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиши билан бир вақтда биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади;
маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилади;
солиқ назоратида тадбиркорларнинг биржа орқали сотилган ёки харид қилинган товарлари бўйича қўшимча ўрганиш ўтказилмайди.
Юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилгани устидан назорат ўрнатилади
Йил якунига қадар биржадаги товар айланмасини 2 бараварга ошириш учун барча захираларни ишга солиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Суюқ минерал ўғитлар, нефть кокси, нафта, каустик сода, суюқ углерод оксиди ва техник кислород, металл прокат лист ва пўлат шарлар, барда каби маҳсулотларни биржа орқали сотишни бошлашга кўрсатма берилди.
Таъкидланишича, айрим турдаги юқори ликвидли товарлар биржага қўйилмагани оқибатида уларнинг нархларида ўсиш кузатилмоқда.
Ўтган йилги пахта ҳосилидан қарийб 1,5 миллион тонна техник чигит олинган бўлсада, шундан биржага 939 минг тоннаси ёки 56 фоизи чиқарилган. Ёки, биржадан чигит олган 119 та ёғ-мой корхоналаридан 20 таси пахта ёғини биржа савдоларига умуман қўймаган.
Шу боис юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилгани устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди.
Бунда биржага қўйиш мажбурий бўлган товарларни, айниқса техник чигит ва пахта ёғини тўғридан-тўғри сотган корхоналарга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади.
Биржа савдолари орқали экспорт-импорт қилишда енгиллик берилади
Йил якунига қадар экспорт-импорт маҳсулотларининг биржа савдолари ҳажмини 500 миллион долларга олиб чиқиш вазифаси қўйилди.
1 июлдан бошлаб экспорт учун 10 минг тонна мис, 50 минг тонна қора металлар, 15 минг тонна олтин-гугурт, 1 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси биржага қўйилади.
Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига хориждаги элчилар ва савдо маслаҳатчилари билан бирга минерал ўғит, нефть маҳсулотлари, кўмир, ёғоч каби маҳсулотлар бўйича биржа савдоларини бошлаш учун камида 100 та хорижий йирик ишлаб чиқарувчи ва улгуржи савдо корхоналарини жалб қилиш топширилди.
Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб биржа савдолари орқали экспорт-импорт қилишда:
хорижий етказиб берувчиларга электрон рақамли имзони мажбурий олиш тартиби бекор қилинади;
хорижий компаниялар учун олдиндан тўлов ва биржа хизматлари тўлови бекор қилинади;
тадбиркорларга тўловларни кафолатлаш банк аккредитиви сингари биржа клиринг тизими орқали ҳам таъминланади.
Президент ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимига ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини таҳлил қилиш, аниқ турдаги ва миқдордаги маҳсулотларни биржага олиб чиқиш бўйича ойма-ой режаларини тасдиқлашни топширди.
Шунингдек, соҳа учун ҳар йили камида 1 мингта мутахассис тайёрлаб, уларнинг бандлигини таъминлаши зарурлиги таъкидланди. Бунда камида 100 та ногиронлиги бор ёшларни бепул ўқитиб, соҳада ишга қабул қилиш топширилди.