Президент ШҲТ бош котиби Чжан Минни қабул қилди

Мирзиёев ШҲТ бош котиби билан минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Чжан Минни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
ШҲТ доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ташкилотга раислиги давридаги асосий тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил учун режалаштирилган учрашув ва йиғилишларнинг ярми муваффақиятли ўтказиб бўлингани мамнуният билан қайд этилди. Самарқанд шаҳрида бўлажак ШҲТ саммити ҳужжатларини келишиш борасида фаол иш олиб борилмоқда.
Томонлар барқарорлик ва хавфсизлик учун хавф туғдираётган хатар ва таҳдидларга қарши курашишда Ташкилот салоҳиятини кучайтириш, “Шанхай руҳи” принциплари асосида кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлашди.
Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик, “яшил” энергетика, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, саноат кооперацияси борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Пандемиядан кейинги даврда фаол маданий-гуманитар алоқалар ва туризм алмашинувини қайта тиклаш лозимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Учрашувда халқаро кун тартибининг долзарб муаммоларига ҳам тўхталиб ўтилди. Афғонистон масаласида ШҲТ ролини ошириш ҳамда ушбу мамлакатни инфрутазилмавий ривожланиш бўйича минтақавий дастурларга фаол жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ШҲТ бош котиби билан учрашди