ЎзЛиДеП Конституцияга ўзгартириш киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқди

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиришларни санаб ўтган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) депутатлари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқишди. Таклиф партиянинг Қонунчилик палатасидаги навбатдаги йиғилишида билдирилди.
Таъкидланишича, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасидаги мақсадлар уларни амалга оширишга зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига олиб чиқмоқда.
“Шу сабабли, бугун Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар Бош қомусимиз – Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқишди”, - дейилган хабарда.
Бу борада фракция аъзолари Конституцияни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун янада мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш бўйича ўзларининг аниқ позицияларини маълум қилишди.
Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сурилаётган ташаббус “Миллий тикланиш” демократик партияси билан қўшма йиғилишда муҳокамага қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 6 ноябрь куни иккинчи муддатга президент сифатида қасамёд қабул қилган Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш хусусида тўхталган эди. Кейин давлат раҳбари 8 декабрь куни халққа Конституция қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати йўллаган табригида таклиф этилаётган ўзгартиришларни санаб ўтган эди.