ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Мариупол шаҳридаги “Азовсталь” металлургия комбинати ҳудудидан ярадор украиналик ҳарбийларни эвакуация қилиш тўғрисида келишувга эришилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
“16 май куни Мариуполдаги “Азовсталь” металлургия комбинати ҳудудида қуршовга олинган украиналик ҳарбий хизматчилар билан музокаралар натижасида ярадорларни олиб чиқиш борасида келишувга эришилди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, ҳозир корхона ҳудудида тинчлик режими эълон қилинган ва гуманитар йўлак очилган. У орқали ярадор украиналик ҳарбийларни Донецк халқ республикасининг Новоазовское тиббий муассасаси олиб борилади ва уларга барча зарурий ёрдам кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз Россия Қуролли кучлари ва ДХР мудофаа кучлари Мариуполь шаҳрини 7 март куни қуршаб олишган эди. 21 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу шаҳар тўлиқ озод қилинганини эълон қилди, бироқ “Азовсталь” заводида украиналик миллатчи батальонининг икки мингдан ортиқ жангарилари қолмоқда. Россия президенти Владимир Путин саноат зонасига ҳужумни тўхтатишни, аммо "ҳатто пашша учиб чиқа олмайдиган даражада” тўсиб қўйишни буюрган эди.