ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Тошкент вилоятининг Паркент ва Юқори Чирчиқ туманларида кузатилаётган ёғингарчиликлар сойларда сел сувларини тўлиб оқишига олиб келди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, 14 май куни соат тахминан 17:50да Паркент тумани “Чанги” кишлоғида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши натижасида сел оқими ҳосил бўлган. Унга ички ариқлар қувурларига шох-шабба ва тоғ жинсларини тиқилиб қолиши сабаб ҳам бўлган. Сув ички кўчаларга ва аҳоли томорқаларига кирган.
Юқори Чирчиқ туманида ҳам 14 май куни тахминан соат 18:20 ларда қисқа муддатда кучли ёмғир ёғиши натижасида Навбаҳор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Яйилмасой сойи ўзанида ёмғир сувлари тошган. У Обод турмуш кўчасидаги тахминан 25 та аҳоли хонадонлари, томорқа ер майдонларига кирган.
Кўчадаги пойдеворга эга бўлмаган хом ғиштдан қурилган хонадон биносига зарар етган. Бунинг оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиши ва уй ҳайвонлари нобуд бўлиши тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.
Ҳозир икки тумандаги тошқин талофатлари бартараф этилган.