ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Муҳаммад ибн Зоид Ол Наҳаённи мамлакат президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев ўз табригида Ол Наҳаённинг сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қўшиб келаётган беқиёс амалий ҳиссасини эътироф этган.
“Келгусида ҳам биргаликдаги қатъий интилишларимиз ва доимий мулоқотларимиз натижасида давлатларимиз ўртасида жадал ривожланиб бораётган ўзаро ишонч, юксак ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган шериклигимиз изчил кенгайиб боришига аминман”, - дейилади, жумладан, Ўзбекистон етакчисининг мактубида.
БАА президенти ва Абу-Даби амири Халифа ибн Зоид Ол Наҳаён 13 май куни узоқ давом этган касалликдан сўнг 73 ёшида вафот этди. Шундан сўнг Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Зоид Ол Наҳаён мамлакат президенти этиб сайланди.