Краснодар ва Андижон ўзаро савдо уйларини очиши мумкин

Россиялик ҳамкорлар билан мулоқот давомида Андижон вилояти ва Краснодар ўлкаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Россиянинг Краснодар ўлкасида ва Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида ўзаро савдо уйлари очилиши мумкин. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Ҳамраев Краснодар ўлкаси губернатори ўринбосари Александр Руппел билан онлайн музокаралар чоғида шундай таклиф билан чиқди.
Россиялик ҳамкорлар билан мулоқот давомида вакиллар Андижон вилояти ва Краснодар ўлкаси тадбиркорлари ўртасидаги инвестиция, туризм ва иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда давом эттириш юзасидан фикр алмашдилар.
“Шунингдек, Ботиржон Ҳамраев Краснодар ўлкасида Андижон савдо уйини очиш таклифини билдирди. Жараёнда россиялик ҳамкорлар ҳам бу борадаги мақсадлари муштараклигини билдирдилар”, - дейилган Андижон вилояти ҳокимлиги хабарида.
Бундан ташқари, туризм, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги имкониятлар атрофлича муҳокама қилинди. Якунида томонлар барча масалаларни йўл харитасига киритиб, тез фурсатларда ҳал этишга келишиб олишган.
Краснодар ўлкаси маъмурияти матбуот хизмати хабарига кўра, Кубан бизнеси Ўзбекистонга мева-сабзавот ва вино маҳсулотлари, шунингдек, озиқ-овқат ускуналарини экспорт қилмоқчи. Импортдан тўқимачилик маҳсулотлари асосий қизиқиш уйғотади.
300 дан ортиқ краснодарлик тадбиркорлар Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда. Улар орасида кийим-кечак, пойабзал, чарм буюмлар, мебель ишлаб чиқарувчилар бор.