Россия ва АҚШ мудофаа вазирлари Украинадаги вазиятни муҳокама қилди

Сергей Шойгу ва Ллойд Остин февралдан буён илк марта телефон орқали мулоқот қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Россия ва АҚШ мудофаа вазирлари Сергей Шойгу ва Ллойд Остин 18-мартдан бери илк бор музокара ўтказди, бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.
"Вазир Остин 13 май куни вазир Шойгу билан 18 февралдан бери биринчи марта мулоқот қилди. Вазир Остин Украинада зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди ва алоқа линияларини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади", - деди Кирби, унинг сўзларидан иқтибос келтирди РИА Новости.
Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади.
“13 май куни АҚШ томонининг ташаббуси билан Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан телефон орқали мулоқот қилди. Халқаро хавфсизликнинг долзарб масалалари, жумладан, Украинадаги вазият муҳокама қилинди”, — дейилган вазирлик Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.
Reuters агентлиги Шойгу ва Остин ўртасидаги суҳбат натижалари ҳақида хабар қилди.
Агентлик Пентагон вакилига асосланиб хабар беришича, Шойгу ва Остин ўртасидаги 3 ой ичида биринчи мулоқоти бир соатга яқин вақт давом этди ва ҳеч қандай баҳсли масалаларни ҳал қилишга олиб келмади.
“Икки давлат (мудофаа вазирликлари раҳбарлари – таҳр.) ўртасидаги бу суҳбат ҳеч қандай масалаларни ҳал қилишга ёки Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига ўзгаришларга олиб келмади”, — деди Пентагон вакили.