Ўзбекистон олимлари помидорнинг янги навини ихтиро қилишди

Ўзбекистонда помидорнинг янги “Универсал” нави ихтиро қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистонда помидорнинг янги “Универсал” нави ихтиро қилинди, деб хабар қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг бир қатор селексионер олимлари Екатерина Лян, Рустам Низомов, Шермуҳаммад Аминов ва Жамил Тўраевларнинг 10 йиллик самарали меҳнати натижасида очиқ майдон ва иссиқхонада етиштиришга мос помидор нави ихтиро қилинди.
Навга “Универсал” номи берилди.
Янги нав ўртапишар бўлиб, ўсув даври 120-122 кунни ташкил этади. Асосий поясининг узунлиги иссиқхонада 2,0-2,5 метр, очиқ майдонда 1,5-1,8 метргача етади, шохланиши ва баргланиши эса ўртача. Барги оддий, тўқ яшил, ўртача бурмали. Биринчи тўпгули 8-9 буғинларда жойлашган. Меваси ясси юмалоқсимон, юзаси силлиқ, қизил. Помидор вазни 100-120 г, мева асоси кичик чуқурчали. Уруғхонаси 4-5 та. Дегустацион баҳоси 4,9 баллдан иборат.
Таркибида қуруқ модда миқдори 4,8%, умумий қанд 4,2%, аскорбин кислотаси 24,2%. Ҳосилдорлиги: иссиқхонада 15-18 кг/м2; очиқ майдонда 38-42 т/га ни ташкил этди. Бу кўрсаткич бошқа навлардан 15-20% юқори дегани.