Нега ўзбекистонликлар таълим олиш учун Россияни танламоқда - видео

Нима учун Ўзбекистон фуқаролари таълим олиш учун Россияни танлаяпти? Улар учун Россияда яшаш қандай?
Sputnik
Россияда таълим олиш ўзбекистонликлар орасида тобора оммалашяпти. 2017 йилга кўра Россияда 24 минг нафар талаба таҳсил олган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони деярли 49 мингга етган.
Ўзбекистон фуқароларидан нима учун Россияни танлашётганининг сабабини сўрадик.

Асосий мақсадим- аёлларга фойда келтириш

Акушер-гинеколог Фарида Бўронова Москвага 2007 йилда Ямандаги тўрт йиллик иш шартномаси тугагандан сўнг докторлик диссертацияси устида шуғулланиш мақсадида келган.
“Мени узоқ йиллар Яманга чақиришди. Аммо мен илм-фан билан ўз Ватанимда шуғулланишни хоҳлаётганимни айтдим”, - дейди Бўронова. Шифокорнинг айтишича, гарчи Россия фуқаролиги бўлмасада, у Ўзбекистонни ҳам, Россияни ҳам ўз ватани сифатида билади. Шифокор Совет Иттифоқи даврида туғилган ва ҳозирги хариталар бўйича мамлакатларни ажратмайди.
Аммо она Самарқанд шифокор учун жуда қадрли. Фарида Бўронова Самарқанд давлат университетида дарс берган, акушерлик клиникасига раҳбарлик қилган.
Шифокор Москвага келгандан дарҳол докторликни ҳимоя қила олмади- соғлик панд берди. Илм-фан ишларини бир неча йилларга суриб қўйишга тўғри келди. Бу йил кузда шифокор диссертацияни давом этишга қайтмоқчи. Ҳозир у хусусий клиникада акушер-гинеколог бўлиб ишлайди.
“Бу ерда мен кичик гинекологик жарроҳлик амалиётларини ўтказишим мумкин- хусусан пластик операцияларни ҳам. Бироқ аёллар менга репродуктив тизим саломатлигига оид касаллик билан мурожаат қилади. Аёлларга фойда келтиришни ўзимнинг асосий мақсадим деб биламан”, - дейди шифокор.
Мутахассиснинг айтишича, у психолог сифатида ҳам фаолият юритади. Аёллар ҳомиладорликни тўхтатиш борасида унга тез-тез мурожаат қилади. Бироқ шифокор уларни болани асраб қолишга кўндира олади. “Улар фикрларидан қайтишади. Кейинчалик қўнғироқ қилиб менга миннатдорчилик билдиришади. Бу менга ҳақиқий қувонч бағишлайди”, - дейди доктор.
“Мен бепушт аёлларни даволайман. Ҳар бир аёл оналик бахтини ҳис қилиши учун қўлимдан келганини қиламан. Бу менинг мақсадим. Шукрки, мақсадларимга эришяпман”, - дея тўлқинланиб сўзлайди шифокор.
Суҳбатдошимиз Москва шаҳри уни худди “ўз одамидек” қабул қилганини айтди. Айтишича, у Россия пойтахтида ҳеч қандай ноқулайлик ҳис қилмаган. Ишда ҳам, кўча-куйда ҳам. “Одамлар, ҳамкасблар билан муносабатларим доим яхши. Турли хил характерли инсонлар жамоасида ишлаганман, миллатлари ҳам ҳар хил. Аммо ҳеч қачон улар орасида ўзимни ноқулай ҳис қилмаганман”,- дейди у.
Ягона муаммо- шифокорнинг турмуш ўртоғи ва тўрт фарзанди Самарқандда яшайди. “Аммо улар аллақачон катта бўлишган”, - дейди у. Шифокор уйга тез-тез бориб туришга ҳаракат қилади.
“Ҳозир мен учун асосийси - бошлаган ишимни давом эттириш. Кейин нима бўлади билмайман. Балки шу ерда қоларман. Ёки Самарқандга қайтарман. Москвадда докторантурада олган билимларим Ўзбекистонга асқотишини хоҳлайман”,- дейди Фарида Бўронова.

Ҳафтада бир марта фарғонача палов тайёрлайман

Жаҳонгир Ҳайитов Москвага 2016 йилда, Россиянинг номдор университетларида ўқиётган дўстларидан илҳомланиб таълим олиш мақсадида келган. Россия Халқлар дўстлиги университетининг психологик-педагогик таълим йўналишини танлаган.
Ўтган йили Ҳайитов диплом олди. Бироқ, уйга қайтишга ҳали эрта деган қарорга келди-ташкилий ва бошқарув фаолиятининг психологик-педагогик асослари йўналиши бўйича магистратура босқичига ўқишга қабул қилинди.
Жаҳонгир учун университетдаги таълим биринчи ўринда бўлсада, у қолган вақтини ижтимоий ишларга бағишлаган.
“Менга ёшлар билан ишлаш ёқади. Шунинг учун 2019 йилда ёшлар учун ташкилот – талабалар бюросини туздим. Биз Москвада ва вилоятида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга консультация ўтказамиз. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Ўқишга киришга ёрдам берамиз. Миллий байрамларимизни бирга нишонлаймиз. Ташкилотимиз Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси кўмагида фаолият юритади”,- дейди Ҳайитов.
Жаҳонгирнинг сўзларига кўра, у ўқиш ва ишдан ташқари, бўш вақтини ошхонада ўтказишни яхши кўради.
“Ҳафтада бир марта дўстлар билан йиғиламиз. Мен фарғонача палов тайёрлайман. Мен ахир фарғоналикманку. Палов жуда ширин чиқади”, - дейди суҳбатдошимиз.
Унинг а йтишича, Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар сони кундан-кунга ортяпти. Ва бу яхши- мамлакатга олий маълумотли, билимли ва салоҳиятли мутахассислар бўлиб қайтишади.
Жаҳонгирнинг шахсий режаларига келсак, яқин 10 йилда у Москвадан кетишни режалаштирмаган.
келажакда аспирантурага ўқишга кирмоқчи ва ижтимоий ишларни давом эттирмоқчи.

Билим ва тажриба тўплаб Ўзбекистонга ёрдам бермоқчиман

Давлатжон Тожибоев аввал Жанубий Кореядан таълим олмоқчи эди. “Халқаро муносабатлар” йўналишини танлади, узоқ вақт имтиҳонларга тайёрланди. Бироқ бюджет асосида ўқиш учун унга олти йил етмади. Давлатжон кутишга қарор қилди, бироқ бироз вақт ўтгач, ота-онаси унга Москванинг олий таълим даргоҳига имтиҳон топширишни маслаҳат беришди.
“Келдим, ҳужжатларни топширдим. Июнда эса: табриклаймиз, сиз ўқишга қабул қилиндингиз деган хат олдим”, - дейди Россия Халқлар дўстлиги университети “журналистика” йўналишининг иккинчи босқич талабаси Давлатжон Тожибоев.
Ўқишга қабул қилингани ҳақида гапирар экан, суҳбатдошимиз шу қадар тўлқинланиб сўзлаб бердики, гапириш учун зўрға сўз топди. “Мен ҳайратда эдим. Сўз билан тушунтириб беролмайман... Шунақанги хурсанд бўлгандимки...”. Ўтмишни эслар экан, у ҳаммаси яхшиликка бўлган дейди.
“Кореяда менинг ҳеч кимим йўқ. Ўқишга қабул қилинган тақдирда ҳам ҳаммасида муаммолар бўларди: кўникишда, ўқишда”,- дейди у ва россиялик ўқитувчиларнинг чет эллик талабаларга алоҳида эътибор беришлари ва ёрдам, маслаҳатни аямасликларини айтди.
“РХДУ га ўқишга кирганимдан мени дарҳол гуруҳ сардори этиб тайинлашди. Бир йилдан кейин эса деканат биринчи босқич талабаларининг куратори бўлишимни сўради. Менга бундай ёрдам бериш ёқади- билим, тажриба билан бўлишаман”,- дейди Давлатжон.
У бир вақтлар ўз ҚВЗ гуруҳини ташкиллаштирганини ҳам айтди. Бироқ ташкилий ишлар билан ўқишни ташлаб қўйишига сал қолди. Ва улардан биттасини танлаш вақти келганини англади. “Ўқишдан чалғиб қолгандим, муаммоларга дуч келдим. Имтиёзли диплом олишга ҳаракат қилаётган эдим, уч баҳо олишим мумкин эмасди”, -дейди у. Унинг айтишича, гуруҳни ташлаб қўйган, чунки қизиқчи бўлиш нияти йўқ.
“Мен нега журналистикани танладим? Кичкиналигимдан катта масъулиятни зиммамга олишни яхши кўрардим. Агар кимдадир муаммо чиқадиган бўлса, эътиқоди, миллати, ёши, бегона ёки -таниш мен учун аҳамиятсиз- ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Асосийси, инсонда ният яхши бўлиши керак”, - дейди Давлатжон ва бу журналистнинг асосий сифати деб қўшиб қўйди.
Россияда бўлажак журналист узоқ вақтга қолмоқчи- магистратура ва аспирантурада ўқишни давом эттириб кейин Ўзбекистонга қайтмоқчи. “Билим оламан, тажриба йиғаман ва келажакда Ўзбекистонга, она юртимга ёрдам бераман”, - дейди Давлатжон Тожибоев.