Ҳокимлик фермерга 157,8 млн сўм компенсация тўлайди

Ҳокимлик қароридан зара кўрган тадбиркор бизнес-омбудсман ёрдамида ўз ҳуқуқини тиклашга имкон пайдо бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13май — Sputnik. Бизнес-омбудсмен даъво аризасига кўра, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги фермерга етказилган 157,8 млн сўмлик моддий зарар қоплаб берилди. Бу ҳақда омбудсмен матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Суднинг ҳал қилув қарори билан Булунғур туман ҳокимлигидан фермер хўжалигининг фойдасига 157,8 миллион сўм компенсация тўловларини ундириш белгиланди”, дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, 2000 йилда Самарқандда фаолият кўрсатувчи “Осиё” фермер хўжалигига (номи ўзгартирилган) Булунғур тумани ҳокимининг қарори билан 6,1 гектар ер майдони ажратилган. Аммо кейинчалик ижара шартномасига ўзгариш киритиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ер майдони туман ер заҳира фондига қайтарилган. Тадбиркорга фермер хўжалигининг боғларидаги мевали дарахтларга етказилган зарар қоплаб берилмаган. Ушбу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман Жомбой туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритган.
Маълумот учун, Фуқаролик кодексига кўра, олиб қўйилаётган ер участкасидаги уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар бузиб ташланса зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар тўлаб берилиши керак.