ТОШКЕНТ, 13май — Sputnik. “Фарғона-Урганч-Фарғона” йўналишидаги авиақатнов қайта йўлга қўйилгани муносабати билан, фарғоналиклар учун Урганч, Хива, Нукус ҳамда Мўйноқ шаҳарларига сайёҳат ташкил этилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Сайёҳат “Водий сайёҳ” туризм агентлиги томонидан ташкил этилган. Сайёҳлар гуруҳи 50 нафар ўқитувчи ва мураббийлардан иборат. Улар 6 кун давомида диққатга сазовор жойлар, музейлар ва бошқа обьектларни тамоша қилишади.
“Ҳозирча “Фарғона-Урганч-Фарғона” йўналишидаги парвозлар ҳафтанинг чоршанба кунлари тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади. Келгусида қатновлар сонини кўпайтириш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Фарғона-Урганч-Фарғона” йўналишидаги авиақатнов Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун қулайлик яратиш ҳамда мамлакатда ички туризмни ривожлантириш мақсадида қайта йўлга қўйилди.