Суғориш учун сув лимитлари белгиланди

Вилоят ва туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашнинг янги тартиби белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. 2022 йилдаҚорақалпоғистон ва вилоятларда қишлоқ экинларини суғориш учун 28 202,8 литр куб сув ажратилади. Бу ҳақда 10 май куни имзоланган Ҳукуматнинг “2022 йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
2022 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитлари;
2022 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳининг таркиби;
Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан насос станциялари ва вертикал суғориш қудуқларини ишлатиш учун 2022 йилда сарфланадиган электр энергияси миқдорлари;
2022 йилда амалга ошириладиган ирригация тизимлари ва улардаги гидротехника иншоотларини, насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини таъмирлаш-тиклаш ва қуриш ишлари режаси.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича республика ишчи гуруҳининг асосий вазифалари қуйидагилар деб белгиланди:
йирик сув омборларида сув ресурсларидан фойдаланишни назоратга олиш, хусусан сув чиқаришни қатъий равишда ҳокимликларнинг аниқ ҳисоб-китобларига асосланган талабномалар бўйича амалга ошириш;
гидромелиоратив тармоқларнинг мавсумга шайлигини таъминлаш билан боғлиқ барча тадбирларнинг бажарилиши бўйича қатъий назорат олиб бориш тизимини йўлга қўйиш;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини “бир канал - бир тизим” тамойили асосида жойлаштириш;
суғориш мавсуми давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ҳар куни таҳлил қилиб бориш.
Мутахассислар фикрига кўра, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда сув танқислиги муаммоси йилдан йилга жиддийлашиб бормоқда. Хусусан, 2040 йилларга бориб, Амударё ва Сирдарё оқимининг қисқариши билан Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги 33 %га етиши мумкин. Ушбу муносабат билан, маҳаллий қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан тежамкорлик фойдаланиш, бу борада янги технологияларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ дейилган экологлар тавсиясида.