Норов Душанбедаги МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этади

12-13 май кунлари Душанбеда МДҲ ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Душанбедаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлис 12-13 май кунлари бўлиб ўтади. Тадбир доирасида халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ва МДҲ форматидаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади. Қўшма дастурлар ижросини, шунингдек, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар давлат раҳбарлари кенгаши кўриб чиқиш учун киритилган ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Душанбега ташрифи доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади ва бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.